Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат хокимияти органларининг тузилмаси, таркиби, функциялари ва асосий фаолияти, уларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида ахборотлар тақдим этиш

"Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тузилмаси, таркиби, функциялари ва асосий фаолияти, уларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида ахборотларни тақдим этиш интерактив-ахборот" хизмати РЕГЛАМЕНТИ (2,56МБ; ПДФ)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси pm.gov.uz орқали электрон мурожаатларни юбориш

Тошкент вилояти ҳокимлигида жисмоний ва юридик шахслар қабули Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35 моддасига, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-445-сонли Қонуни асосида ташкил этилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби
Вилоят ҳокимлиги Ижро аппарати гуруҳи
Манзил: Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри, Тошкент йўли 90 уй  
Телефон: 0 371 232-80-61, 232-80-63, 232-80-65     
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари
 

Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан мурожаатлар билан ишлаш бўйича тузилмада рўйхатга олинади.
Мурожаатлар ёзма ёки электрон тарзда рўйхатга олиниши мумкин.
Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси (исми ва отасининг исми), унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг жойлашган жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган давлат органи, ташкилоти таркибий тузилмаси номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.
Қайд этиш штампида давлат органининг, ташкилотининг расмий номи (умумқабул қилинган қисқартирилган ном ёки қисқартма кўрсатилиши мумкин), мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.
Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.
Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари давлат органига, ташкилотига оғзаки мурожаат этишганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 26-бандига мувофиқ тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига илова қилиниши керак.
Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай давлат органи, ташкилоти раҳбарига, унинг ўринбосарига ёки таркибий тузилма раҳбарига киритилади, у масъул таркибий тузилмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни (топшириқномани) қўяди.
Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатлар билан ишлаш бўйича тузилма мурожаатни ижро этувчи сифатида белгиланган таркибий тузилмага (ходимга) имзо қўйдирган ҳолда беради. Бунда ижрочи этиб белгиланган таркибий тузилма (ходим)томонидан ижро этиш тўғрисидаги белги қўйилади.
Давлат органига келиб тушган мурожаатлар давлат органининг иш юритувига қабул қилиниши, бўйсуниш тартибида давлат органининг, ташкилотининг қуйи тузилмасига (ташкилотга) (кейинги ўринларда қуйи орган деб аталади) юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга юборилиши мумкин.
Қуйи орган томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кунидан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай хат билан ёки давлат органининг, ташкилотининг раҳбари ёки таркибий тузилманинг раҳбари томонидан имзоланган топшириқ билан бирга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши керак.
Агар мурожаатда бир нечта таркибий тузилмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижро этувчилар этиб белгиланади. Ижро этувчилар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган таркибий тузилма бошқа таркибий тузилмалар билан биргаликда мурожаат кўриб чиқилишини таъминлайди.
Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчидан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.
Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.
Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилганидан ва жавоб юборилганидан кейин келиб тушса, бу ҳақда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини ёзма тартибда хабардор қилади.
Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари, ташкилотлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.
Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун давлат органи, ташкилоти томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.
Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига, ташкилотига келиб тушган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай давлат органининг, ташкилотининг раҳбари ёки таркибий тузилманинг раҳбари томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.
Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.
Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.
Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилоти ёки уларнинг мансабдор шахслари ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра уни эшитишни ташкил этиши мумкин.
Давлат органи, ташкилоти ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот тақдим этиш имкониятини беради.
Зарур холларда мурожаат этувчини эшитишга экспертларни, мутахассисларни ва манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини жалб этиши мумкин.
Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда мурожаатни кўриб чиқувчи давлат органи, ташкилоти мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш давлат органи, ташкилоти раҳбарининг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.
Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар давлат органи, ташкилотининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда давлат органи, ташкилотининг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб юборади.
Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар давлат органига, ташкилотига келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.
Электрон мурожаатлар тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса — навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.
Мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Давлат органи, ташкилотининг раҳбарига ёки бунга ваколат берилган бошқа мансабдор шахсига оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади.
Ариза ёки шикоят масалани мазмуни бўйича ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотига ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи, ташкилоти раҳбари томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Таклиф давлат органига, ташкилотига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.
Айрим ҳолларда давлат органи, ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришлари мумкин.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органи, ташкилоти томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Мурожаатни қониқтирмаслик ўғрисидаги қарорни:
республика аҳамиятига молик ташкилотда, давлат органида – раҳбар, унинг ўринбосарлари, таркибий тузилмалар раҳбарлари;
вилоят аҳамиятига молик ташкилотда, давлат органида – раҳбар, унинг ўринбосарлари;
туман ва шаҳар аҳамиятига молик ташкилотда, давлат органида – раҳбар қабул қилади
Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.
Мурожаатга жавоб хати давлат органи, ташкилоти ёки унинг таркибий тузилмаси раҳбари томонидан имзоланади.
Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.
Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талаблари ва мазкур Низомга мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки, уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.
Жисмоний ёки юридик шахснинг илтимосига кўра мурожаатни кўриб чиққан давлат органи, ташкилоти ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши, шунингдек йўл қўйилган хатолар ва арифметик хатоларни ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, мурожаатга жавобнинг мазмунига дахл қилмаган ҳолда тузатиши шарт.
Мурожаат қилувчининг мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш тўғрисидаги илтимоси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқилади.
Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.
Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича тузилма мурожаатларни рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди.
Юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаатни кўриб чиққан давлат органи мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори давлат органига ёзма шаклда хабар беради.
Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш мурожаатлар билан ишлаш бўйича тузилмада белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

 (144КБ; Word)(253KБ; ПДФ)

Нашр этиш   Ўқилди: 20999